Добавить в цитаты Настройки чтения

Страница 7 из 10



Мўлжал тўғри чиқди. Беш минг кишидан иборат қўшин ҳар сафаргидек дарёнинг саёз жойидан кечиб ўта бошладилар. Қирғоққа чиқиб олган жангчилар қўққисдан ҳужумга учраб ўлим топдилар. Кечувда бўлганларига йўл йўқ эди, иккала қирғоқни ҳам мудофаачиларнинг жангчилари мутлақ эгаллаб олган.

Бухоро Амири юборган жазо қўшини мутлақо мағлуб бўлди. Асир олинганлардан ташқари барча жангчилар ҳалок бўлишди ёки сувга чўкиб бедарак йўқолишди. Бухоро Амирлигини руҳан синдирган бу воқеа Қўқон хонлигининг ўз кучига бўлган ишончини мустаҳкамлади.

Тарғова, Чанкат қишлоқлари атрофида барпо бўлган салтанат ўз марказини «Кўк тўнли Азизлар» мавзесида қурилган янги қалъага кўчириб, ўзларини Қўқон хонлиги деб атай бошладилар. Салтанат ривожлана бошлади. Ўзларини ташқи душмандан муҳофаза қилиш учун бирлашиш лозимлигини тушунган мустақил Андижон, Наманган, Марғилон каби шаҳарлар Қўқон хонлиги таркибига кира бошладилар. Кейинроқ бориб Ўш, Ўзган, Жалолобод шаҳарлари ҳам уларга эргашдилар. Ободончилик ва қурилиш ишлари ҳам тез суръатлар билан олиб борилди.

Хонликни барпо қилиш жиддий тўсиқларга дуч келишига қарамай ўзига хос ана шундай муваффақиятлар бор эди. Ҳали қилинадиган ишлар жуда кўп, юрт бехатарлигини таъминлайдиган мунтазам қўшин тузиш, ўз пулини зарб қилиш, ҳудудларни кенгайтириш каби муаммолар кўндаланг эди.

Шоҳруҳбийнинг энг хуш кўрган машғулотларидан бири овга чиқиш бўлса, иккинчиси жангчиларнинг машғулотини кузатиш эди. Водийнинг йигитлари алп қомат, жасур ва жисмонан жуда бақувват эдилар. Буни кўра билган хон кучли мунтазам қушин тайёрлашга киришган эди.

– Дада, – деди Шоҳруҳбий отасига. – Жангчиларимизнинг тайёргарлигини бирга кўрсак ўз фикрларингизни айтар эдингиз.

– Йигитларинг от чоптириш, камон отиш, найза улоқтиришда тенги йўқ, буни биламан.

– Уларни кўпроқ машқ қилишлари учун имконият яратганмиз, айниқса улоқ мусобақалари от чоптириш маҳоратини оширади, қиличбозлик мусобақаси учун алоҳида соврин белгилаганмиз.

– Бу ишларингиз таҳсинга сазовор, лекин нималаргадир кучимиз етмаётганга ўхшайди. Менимча қилич ва камоннинг умри тугаб бормоқда.

– Наҳотки шундай?.

– Ҳа, озгина фурсат ўтади-ю, бу қуроллар ўрнини милтиқ ва замбараклар эгаллайди. Баъзи давлатлар буни тушуниб етишган, бизлар ҳам бирор чора топмасак вақти келиб уларга ем бўламиз.

– ¡ша чорани қаердан излаймиз?

– Ҳозирчалик бу саволларга жавобимиз йўқ. Лекин умидсизликка ўрин йўқ, изласак топамиз. Маърифатни ривожлантирсак, кўпгина саволларга жавоб топишимиз аниқ. Афсуски, ноиттифоқмиз, худбинмиз, ўйинқароқмиз, бундай нуқсонларни даволаш кўп жиҳатдан ҳукмронларга боғлиқ. Улар ўз ҳаловатларидан воз кечиб миллат ҳақида қайғуришлари керак.

– Албатта шундай қиламиз.

– Муаммолар беҳисоб бўлган бу оламда қиладиган ишлар жуда кўп.

* * *

Кутилмаганда Шомастбийнинг вафот қилиши Шоҳруҳхон учун оғир жудолик бўлди. Икки хил исм билан аталадиган (Шомастбий ва Ашурбек) хоннинг отаси халқ ичида жуда катта нуфузга эга эди. Табиатан хушчақчақ, жисмонан соғлом бўлган бу инсон чуқур мулоҳазали, ўзини тўғри бошқара оладиган, кишиларни ўзига тобе қила оладиган кучга эга бўлиб, барча қабиладошларининг ишончига кириб, меҳрини қозона олган. Барча ишларда ўғли Шоҳруҳхоннинг маслаҳатдоши бўлиб, хонликни барпо қилишда жуда катта шижоат кўрсата олган. Хонлик эндигина оёққа тура бошлаган чоғда у дунёдан кўз юмди. Ўз илтимосига кўра уни «Чомочбува» қабристонига дафн қилишди. У ўзининг унча узоқ бўлмаган умрини эл-юрт учун сарфлаб, кишилар қалбида яхши хотира қолдирди.

Шоҳруҳхон отасининг насиҳатларига риоя қилган ҳолда салтанатни бошқара бошлади. Отаси каби кишиларнинг меҳрига кириш билан биргаликда яхшигина сиёсат олиб борди. Шарқ томондаги қўшнилари бўлган қирғиз ва қипчоқларни ўз томонига оғдириб, мустаҳкам иттифоқ тузишга муваффақ бўлди. Хонликнинг ҳудудлари йилдан-йилга кенгайиб борар, ихтиёридаги мунтазам қўшиннинг сони ошар эди, хонликнинг бешинчи йилида Қўқон хоннинг ихтиёрида ўттиз минг кишилик жанговор қўшин мавжуд бўлиб, қўшин нафақат сон балки сифат жиҳатидан ҳам намунали эди. Теварак-атрофдаги давлатларнинг эътиборини ўзига торта олган эди. Хонликнинг гўдаклик чоғида жиддийроқ бир чора топа олмаган Бухоро Амири энди қаттиқ хавотирга туша бошлади. Агарда шундай кетиш давом этаверса Қўқон хонлиги чинакам рақибга айланиши муқаррар. Бунинг устига Амирнинг жосуслик тизими номаълум сабабларга кўра кетма-кет мағлубиятга учрамоқда. Бир томондан Хива хонлиги хавф солса иккинчи томондан кенгайиб бораётган Қўқон хонлиги хавф солар эди. Жиддий чоралар кўрилмаса яна кўпгина вилоятларнинг қўлдан кетиш эҳтимоли йўқ эмас.

* * *

Эшик оғаси хоннинг қабулига наманганлик шайх Мулла Бозор Охунд келиб, киришга ижозат сўраётганини хабар қилди.

– Таклиф қилинг, – деди Шоҳруҳхон. – Ул зот учун эшигимиз доим очиқ.

– Ассалому алайкум хон ҳазратлари, – деди шайх таъзим айлаб.

– Даргоҳимизга хуш келибдилар, ҳазрат, – деди Шоҳруҳхон алоҳида илтифот кўрстаиш учун ўрнидан туриб шайхга пешвоз чиқар экан. – Биз томонларга қандай шамол учирди.

– Ўз ихтиёримиз билан келдик, жанобларига бир илтимос қилмоқчи эдик.



– Ўзлари саломатмилар, аҳли Наманган бизлардан хафа эмасми?

– Сизга сиҳатлик тилаб барчамиз дуодамиз, юртимиз тинчлигини яратгандан кеча-ю кундуз сўраш билан бандмиз.

– Саломат бўлсинлар.

– Ҳазрати олийлари, катта кўламда қурилиш қилаётганларидан хабардормиз, хизмат қилувчиларингиз ичида бизнинг анчагина муридларимиз ҳам бор экан.

– Ҳа, албатта. Уларнинг кўпчилиги ҳунарманд усталар.

– Ўша муридларимизни бизнинг ихтиёримизга берсалар деган мақсад билан келганмиз.

– Афсус, бу илтимосларини бажара олмаймиз.

– Бажармасалар бўлмас, – шайх қовоғини солиб, тунд қиёфага кирди.

– Нима учун?

– Биз дини исломнинг равнақи учун хизмат қилишимиз лозим.

– Улар эл-юрт осойишталиги учун меҳнат қилишмоқда, бу дини исломга зидми?

– Шу чоққача менинг илтимосимга бирорта ҳукмрон эътироз қилмаган эди.

– Илтимосингиз юрт манфаати учун зарарли, шунинг учун биз рухсат бермаймиз.

– Аттанг, яхши иш бўлмади, бизнинг ранжиб қолишимиз худога хуш келмас.

– Шайх жаноблари худога нималар хуш келишини билмайдиганга ўхшайдилар, барчамизнинг эзгу мақсадимиз юртга фидоийлик холос, сизнинг ниятингиз артофингизга муридлар тўплаш холос. Энди жавоб айланг, қай биримизнинг ниятимиз эзгуликка яқин.

– Мен ўз фикримдан асло қайтмайман.

– Яхшиям сизнинг бахтингизга мен ўзимни бошқара оламан, акс ҳолда хонларнинг жаҳлини қўзғаш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяр эдим. Энди жўнанг, акс ҳолда ўзингизга жабр қиласиз.

Хондан рад жавобини олган шайх Мулла Охунд жаҳлини боса олмай, Қоровултепа деган қишлоқдаги бир муридининг уйига кириб борди. Деворга Шоҳруҳхон тасвирини чизиб, бир нарсаларни узундан узоқ пичирлаб суратга қарата камондан ўқ уза бошлади. Яна аллақандай бақир-чақирлар қилиб ниҳоят чарчаб ўтириб қолди. Хонадон эгасини чақириб Шоҳруҳхон тез кунларда вафот этишини айтиб, зудлик билан ўз юртига жўнаб кетди.

Бу хабарни хонга етказишганида у жилмайиб қўя қолди:

– Менинг жонимни Азроил Оллоҳнинг амри билан олишини Мулла Охунд билмасмикин?

Бу воқеа одамлар ичида ҳар хил шов-шувлар ва уйдирмалар пайдо бўлишига сабаб бўлди. Авлиёликни даъво қилган Мулла Бозор Охунд хон ҳақида аллақандай бўлмағур гаплар тарқатиб, унга ғойибдан ўлим тиларди. Муридлари билан тил бириктириб оддий кишиларни ишонтиришга эришар эдилар.

Кам гапириб, диққат билан тинглаш Шоҳруҳбийнинг гўзал фазилатларидан бири эди. У бировнинг гапини бўлмас, танбеҳ ҳам бермас ва албатта ўз фикрини жуда равон ва тушунарли қилиб ифодаларди. Ваъзхонлик қилиш ва насиҳат сўзларини айтишдан ўзини тияр эди. У уч ўғил (Абдураҳимбек, Абдулкаримбек, Шодибек) кўрган бўлиб, гоҳо улар билан суҳбатлашар, ҳазил-мутойибалар қилиб эркалар, совға-салом билан сийлаб қувонтирар эди. Бугун ўзининг ҳар қачонги одатини тарк этиб, юрагида тугиб юрган фикрларини айтишга азм қилган эди.

– Ўғилларим, вақти-соати келиб сизлардан бирингиз хон бўласиз, – деди у бироз маъюс қиёфада. – Эҳтимол бирин-кетин уччалангизга ҳам бу олий мансаб насиб қилар. Лекин тахтга ўтириш бирваракай икки кишига насиб қилмайди. Қайси бирингиз хон бўлсангиз, қолганларингиз хоннинг оғалари бўласизлар, бу ҳам катта бахт, қувончли ҳаёт кечириш имкониятидир. Асло бир-бирларингга душманлик қилманглар. Акс ҳолда бегоналар қўлида ҳалок бўласизлар. Юрт ожизланиб қолмаслиги учун тахт соҳиби қудратли шахс бўлиб, даъвогарлардан кўп жиҳатдан устун бўлиши, ўз оғалари билан бўлган зиддиятни ақл билан адолатли ҳал қила олиши керак. Энди ҳукмрон қандай бўлиши лозим, қандай сифатларга эга бўлиши кераклиги ҳақида ўз фикрларимни айтиб қўймоқчиман.