Страница 9 из 10
Абдураҳимхон Хўжандда анчагина фурсат қолиб кетади, чунки Бухоро амирининг Хўжанд вилоятини қайтариб олиш учун юриш қилиш эҳтимоли бор эди.
Хўжандда бир мунча вақт қолиб кетган Қўқон хонининг тўсатдан вафот этиши ҳаммани ажаблантириб қўяди, аслида хон номаълум одамлар томонидан заҳарлаб ўлдирилган эди. Бу воқеа 1146 хижрий, 1733 милодий йилда содир бўлган. Қўқоннинг иккинчи хони Абдураҳимбий * 12 йил хонлик қилиб, дунёдан кўз юмди, таажжубли жойи шундаки, унинг ўлими сирлилигича қолаверда, яна бир ўхшашлик отасидек 12 йил тахт вориси бўлиш насиб қилди.
Муддати салтанати ўн икки йил бўлибдур,
Тарихи вафоти Муҳаммад Раҳимхон.
Чун Раҳимхон ба мулки Фарғона
Соҳиби тахт, тожи афсар шўд.
Баъдаз шоҳи дах ду сол,
Мулки фоний бирав муқаррар шўд.
Рафт аз олам у бадаст таҳи,
Золи Фартут, арус дигар шўд.
Гўр таърихи у хирад ҳам чун,
Дили жонаш қарин мутаҳҳар шўд.
(Абдураҳимбий даврида Хўжанд, Ўратепа, Самарқанд, Шаҳрисабз, Марғилон, Андижон музофотлари бўйсундирилиб Қўқон хонлиги таркибига қўшиб олинди)
ТАРИХИ ШОҲРУҲИЙДАН
У тахтга ўтирибоқ, отаси ният қилиб бошлаб берган, яъни шаҳарни бунёд этиш ташвишларини давом эттиришни энг олий мақсад деб билди ва уни обод ва кўркам пойтахтга айлантириш учун астойдил бел боғлади. Ҳукмдор яна бир масалани улуғ мақсадларидан бири деб билди ва бу мақсадни амалга ошириш учун жиддий киришди. Биринчидан отасидан қолган мулкни янада кенгайтириш бўлса, иккинчидан Фарғонада улкан давлатни юзага келтирмоқ эди. Абдураҳимбийнинг мана шу мақсади минглар шажарасининг келгусидаги ҳукмдорлари учун энг асосий шиор ва дастуриламал бўлиб қолди.
«Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил» деган гапни кўп такрорлар эди. Чиндан ҳам Абдураҳимбий кўпгина воқеа ва муаммоларни кўрмай ва эшитмай англай олиш қобилиятига эга эди. Кўп ҳолатларда индамай қўя қолиб сукут сақлар ёки «шундайми» дея кифояланар эди. Бирор гапни маъқуллаш ёки эътироз билдиришга асло шошилмас, ҳар қандай қувончу қайғуларни хотиржамлик билан қабул қилар эди.
Ўзи хусусидаги гапларни четлаб ўтирди, бу хусусияти билан сохта мақтовлардан ҳоли қоларди. Унинг яна бир безаги сохталик ва хушомадни ёқтирмас, хушомаднинг тагида манфаатдорлик ва худбинлик яширинганини кўп таъкидлар, мақтов ҳумдорни издан чиқаришини биларди.
Давр тўфонлари барча нарсаларни ўз комига тортиб йўқотади ёки ҳалок қилади, лекин эзгулик ҳар доим барҳаёт. Эзгу ишларни қила олсак бизлар ҳам барҳаёт қоламиз. Мансабдор ва мулкдор кишилар ҳар ҳолда фаровон ҳаётга эришганлар, бизларнинг вазифамиз оддий ёки ҳимоясиз кишилар фаровонлиги учун қайғурмоқлик бўлиши керак, дер эди у.
Абдаруҳимхон жуда кўп амалга оширган ишлар қатори мунтазам ва жисмонан чиниққан ҳарбий қўшинлар тузишга киришди ва бу мақсадига қисқа муддат ичида эриша олди.
«Тарихи Шоҳруҳий»дан лавҳа
«Қўқон хони Абдураҳимбий 1733 санада рақобатчилар томонидан уюштирилган суиқасд натижасида ёруғ дунёдан кўз юмди». Баъзи манбаларда укаси Абдукаримбий томонидан ўлдирилган дейилади. У 32 йил умр кўрди.
Энди Қўқон хонлиги Бухоро Амирининг қўлдан кетган ўлжаси эмас, аксинча унга хавф соладиган кучли душманга айланган эди.
АБДУЛКАРИМХОН (УЧИНЧИ ХОН)
Абдураҳимхон вафотидан кейин Шоҳруҳхоннинг иккинчи ўғли Абдулкаримхон Қўқон тахтига ўтиради. Абдулкаримхон кўпроқ ободончилик ва қурилишлар билан шуғулланади. Унинг даврида кўпгина бинолар, работу мадрасалар қурилади.
Шу давргача хонларнинг қароргоҳи «Кўк тўнлик азизлар» мавзесида жойлашган эди. Хонлик даврининг олтинчи йили яъни 1739 йилда эски ўрда ўрнига янги «Ўрдаи рафъи» қурдиради ва атрофини баланд қалъа билан ўратади.
Қалъанинг атрофига бир нечта дарвозалар ўрнатилиб улар қуйидаги номлар билан аталади:
1. Дарвозаи «Қатағон».
2. Дарвозаи «Марғинон» (Марғилон шаҳри шундай деб аталган).
3. Дарвозаи «Тошканд».
4. Дарвозаи «Ҳайдарбек».
Дарвозалар ўша даврда шу номлар билан маълум ва машҳур эди.
«Тарихи Абдулкаримхон»да шундай дейилади:
«Бу тоза зотли шоҳ, бу мулкни обод қилди, эски Ўрда биносини таъмир қилишга у сабабчи бўлди, чиройли кўринишга эга Арки олий бунёд қилди, шаҳар атрофига эса қалъа қурди». Абдулкаримхон ўн саккиз йил хонлик қилди, бу давр Қўқон тарихидаги осойишталик ва тинчлик йиллари эди, дейилади. Аслида шу йилларда Қўқонга қалмоқлар бостириб келади (Ўинҳ-манжур босқини). Анчагина жангу жадаллардан сўнг сулҳ тузилиб, қалмоқлар Абдураҳимбийнинг ўғли Бобобекни гаров сифатида олиб кетадилар. Жунғор қалмоқларининг босқинчилиги ҳақида кейинги сонларда батафсилроқ гаплашамиз.
1164 йил хижрий 1750 милодий йилда хон вафот қилди.
«Тарихи Туркистон» китобида у ҳақда шундай ёзув келтирилган:
Абдулкаримхон ибн Шоҳруҳхон, Худо берган бир (улуғ) Мир эди.
Ўн саккиз йил ҳукумат сўргандан сўнг, Ғайбдан «Иржи» (қайт) нидосини эшитди.
Вафотининг тарихини билмоқчи бўлсанг, Хирад (ақл) «сар бо қазо» деб айтди.
Қўқоннинг учинчи хони Абдулкаримбийни босиб ўтган қисқача йўли шулардан иборат.
Абдукаримбий ҳукмдорлигининг кейинги йилларида, Ўрта Осиёда, айниқса, Фарғонада сезиларли даражада яна жангу жадаллар бошланди. 1740 йилга келиб Бухоро хонлигидаги иқтисодий ва сиёсий тангликлардан фойдаланган Эрон ҳукмдори Нодиршоҳ Балҳни босиб олгач, Бухоро томон қўшин тортди. Худди шу пайтда Самарқанд ва Шаҳрисабз музофотларида Абдукаримбийнинг оғаси томонидан тайин этилган ноиблар бош кўтариб, алоҳидалик иштиёқида ажралиб чиқишга интилдилар.
1745 йиллар атрофида Чин (Ўинҳ) – Манжур давлатининг ҳукмдорлари Шарқий Туркистоннниг шимолий ҳудудларига бир неча бор ҳарбий юришлар уюштирди. Шундай юришлар натижасида қалмоқларнинг Жунғор хонлиги қаттиқ зарбага учраб, тор-мор бўлди. Натижада қалмоқ кўчманчиларининг бир қисми Шимолий Ғарбга йўналиб, қозоқларнинг Кичик ва Ўрта Жуз хонликларини босиб олди, иккинчи қисми Ғарб томон юриб, Фарғона томонга юриш қилди. 1746 йилда Марказий ва Жанубий Тян-Шон ҳудудларида истиқомат қилувчи қирғиз уруғлари ерини босиб олди.
Қуллик асоратига тушиш хавфидан сақланиб қолиш умидида қирғиз уруғлари ёппасига Фарғонанинг чўл ва тоғ этакларига кўчиб ўтишга мажбур бўлдилар. Ўз навбатида бу воқеалар янги зиддиятлар келтириб чиқарган бўлсада, қалмоқларга қарши кураш учун бирлашиш зарурати қирғизлар билан иттифоқ тузишга олиб келди.
Фурсатни тўғри англаган Абдукаримбий қалмоқ ойротларига қарши биргаликда курашиш шартномаси тузиб, қирғизларнинг водийдаги чўл ҳудудларида жойлашишларига рухсат берди.
Туйқусдан ҳужум уюштирган Жунғор қалмоқлари ўзларини мустақил ҳисоблаб келган Наманган ва Чуст бекларини бир зарбадаёқ тор-мор этдилар ва Хўқанд сари йўл олдилар. Бундай нохуш воқеадан хабар топган Абдукаримбий уларга қарши Қипчоқ Бачча қўмондонлиги остидаги қўшинни юборди. Лекин қўшин енгилиб қўмондон ўлдирилади, жангчилар пароканда бўлиб ҳар томонга қочиб кетадилар. Қалмоқлар юришда давом этиб, Хўқанд остоналарига яқинлашиб қоладилар.
Жуда хавфли вазият вужудга келган эди, буни тўғри тушунган миллат ва элатлар Қўқон хонлиги атрофида жипслаша бошладилар. Теварак-атрофдан ёрдамга қўшинлар кела бошлади. Айниқса, қирғиз ўғлонлари ва Ўратепа доруғаси Фозилбийнниг лашкарлари ёрдамга шошилди. Абдукаримбий бошчилигидаги Хўқанд остонасида бўлган жангда қалмоқлар қақшатқич зарбага учраб чекинадилар, йўналишларини шимолга буриб, Тошқандни (Тошкент) босиб олдилар. Бундай улкан муваффақият ва вазиятдан тўғри фойдаланган Абдукаримбий Наманган ва Чуст устига қўшин тортиб, ўзбошимча бек ва бекзодаларни жазолайди. Бу ерларни хонлик ерларига бутунлай қўшиб олади. Абдукаримбийнинг тўғри саъй-ҳаракатидан мамлакат яна ўзининг яхлит ҳолига қайтди.
У жами бўлиб 47 йил умр кўрди.
АБДУРАҲМОНХОН (ТЎРТИНЧИ ХОН)
1740-йиллар атрофида бутун, Ўрта Осиёда, айниқса, Фарғонада жангу жадаллар кучайиб борарди. Бухоро хонлигидаги иқтисодий ва сиёсий тангликлардан фойдаланган Эрон ҳукмдори Нодиршоҳ Балҳни босиб олгач, Бухоро сари қўшин тортишни давом эттирди. Бундай парокандаликдан фойдаланмоқчи бўлган Самарқанд ва Шаҳрисабз музофотларида Қўқон хонлигига қарши кучлар бош кўтарди. Хонликнинг шимолий-шарқий томонидан жунғор қалмоқлари Тян-Шон ҳудудларида истиқомат қилувчи қирғиз уруғларининг ерларини босиб олди. Қирғиз уруғлари ўз юртини ташлаб Фарғонанинг тоғ этакларига кўчиб ўтдилар. Абдулкаримнинг вафотидан кейин унинг ўғли Абдураҳмонбий хонлик тахтига ўтирди.