Страница 4 из 10
– Бизнинг ҳудудларимиз Бухоро Амирлигига қарайди-ку?
– Амир ўз ҳукмронлигини шуларга суяниб амалга оширади, улар ўлпон устига ўлпон йиғиб халқни безор қилмоқдалар.
– Бек ака, ўзимиз мустақил бир салтанат тузсак бўлмайдими?
– Айтишга осон, бундай ишларни амалга оширишни бизлар ҳам кўп ўйлаганмиз, ҳозирчалик бу ишларнинг ечими топилган эмас.
– Мен нима қилай ака?
– Сен розилик беравер.
– Сиз шунга розимисиз?
– Ҳа, мен розиман. Қизалоғингни «хожалар» уруғига узатиш ҳар томонлама бизлар учун фойдали. Тўйни ўзимиз ўтказиб берамиз.
– Раҳмат бек ака, менга жавоб.
– Тўйнинг маслаҳати учун алоҳида келасан. Катта базм уюштирамиз, барча сарф-харажатларни ўзим қиламан.
Минглар уруғидаги аҳилликка барчанинг ҳаваси келар, улар худди бир оиладек бирга меҳнат қилиб, бирга қувонишар, бир-бирларига ҳамдард ва меҳрибон эди. Мавсумий ишлар, деҳқончилик муаммоларини, айниқса ариқларни тозалаш, ерларни ўзлаштиришда бир тану бир жон бўлиб меҳнат қилишар, бирор киши иморат қурмоқчи бўлса ҳашар йўли билан бир неча кун ичида битказиб беришарди, шу боис бу уруғнинг теварак-атрофдагиларга нисбатан мавқеи жуда ортиқ бўлиб, тўй ва маросимлари ҳам бамаслаҳат ва тартибли ўтарди.
Шомастбийнинг таклифига биноан теварак-атрофдан нуфузли ва хос одамлар кириб кела бошлашди. Меҳмондорчилик баҳонасида Шомастбий узоқ вақтлардан буён ўйлаб юрган режасини амалга ошириш чораларини маслаҳатлашиб олмоқчи.
– Ҳурматли оқсоқоллар, чодаклик хожалар Юсуфхўжанинг қизига совчи бўлиб келибдилар, – деди Шомастбий уларга маъноли тикилиб. – Биз бажонидил розилик бердик. Анча вақтдан буён мўлжаллаб келаётган ишларимизни амалга ошириш фурсати етганга ўхшайди.
– Сиз нима десангиз биз тайёрмиз, – дейишди оқсоқоллар бир овоздан.
– Келишиб олганимиздек тўйни тантанали ўтказамиз, барча Чодак хожаларини таклиф қиламиз. Улар эртага жавоб олиш учун келадилар.
– Бўладиган ишларни бўлишиб оламиз.
Теварак-атроф оқсоқоллари билан гапни бир жойга қўйгандан сўнг Шомастбий тўй тайёргарликларини кўра бошлади. Тўй қайси куни бошланади, неча кун давом этади, нечта хонадон жалб этилади барчаси режалаб қўйилди. Тўйга барча Чодак хожалари таклиф қилинди. Сарпо ва совға-саломлар тайёрлаб қўйилди. Бу тўй жуда дабдабали бўлмоғи даркор, чунки унинг якуни юрт тақдирини ҳал қилиши мумкин.
Чодак хожалари таклифни жуда мамнуният билан қабул қилдилар, чунки бу қуда-андачилик энг нуфузли «Минг» уруғи билан дўстлик риштасини мустаҳкамлайди, теварак-атрофдаги мавқелари янада ошади. Улар катта совға-саломлар билан кириб боришга тайёрлана бошладилар.
***
– Менга қара Эргашхўжа, бўлажак тўйга жуда пухта тайёрланишимиз лозим. Теварак-атрофда тўйга таклиф қилинмаган бирорта қишлоқ ёки овул қолмасин. Барчанинг меҳрини қозонишимиз шарт ва зарур. Қази-қарталарни мўл қилинглар, қимиз ва қимрон ҳам эсингдан чиқмасин. Қанча қўю-эчки кетса аяманглар.
– Барчасини бажарамиз, асло хижолат бўлманг.
– Ҳа айтгандек, анчагина шароб ҳам ғамлашимиз керак.
– Бироз тушунмайроқ турибман ота, – деди Эргашхўжа ҳайратини яширмай. – Ахир сиз тўйларимизда шароб ичишни таъқиқлаб қўяр эдингиз-ку?
– Бу сафар шароб ичишга рухсат бераман. Сабабини сўраб ўтирма, буни кейинроқ биласан.
– «Хожалар» учун заррин тўн тайёрлайликми?
– Менимча бунга зарурат бўлмаса керак.
– Нега? Улар икки юз киши бўлиб келишар эмиш.
– Йигитларга шундай топшириқ берасан, хожаларнинг бирортаси менинг ижозатимсиз кетиб қолмаслиги керак.
– Барча топшириғингиз бажарилади.
– Сенга рухсат, менга Шоҳруҳбийни чақириб қўйинглар.
***
– Йўлбарс билан бўлган олишувдаги жасурлигингни эшитдим, – деди у ўғлига меҳр билан тикилиб. – Анчагина қалтис ҳаракат қилибсан.
– Бундай жасорат кўрсатишни сиздан ўрганганман.
– Катталардан кўп нарса ўрганиш жуда яхши фазилат, лекин ҳар қандай ҳолатда ҳаётингни хавф-хатарга қўйиб ҳаракат қилма.
– Келажакда бунга эътибор бераман.
– Бир йиртқични омон сақлайман деб жуда қалтис иш қилибсан. Агар озгина адашиб қолганингда йўлбарс сени авайлаб ўлтирмас эди.
– Йўлбарслар одамларга ноўрин тажовуз қилишмайди деган эдингиз…
– Тўғри, шундай деганман. Сен ҳам уларга ноўрин тажовуз қилма дейман, лекин ҳужумга учрасанг ҳар қандай йўл билан ўзингни ҳимоя қилишга ҳақлисан.
Шоҳруҳ отасининг ўгитларини сўзсиз бажарар, ана шу сифати билан унинг чинакам меҳрини қозонган эди. Шунинг учун бу бироз қизариб отасига тикилганича индамай қулоқ соларди.
– Ўғлим, бугун мени ҳар қачонгидан ҳам диққат билан тинглагин. Бизлар хон авлодидан эканимизни ҳар доим эслаб юрмоғинг лозим. Сени келажакда улкан ишлар кутмоқда, бундай ишларни фақат жасурлик билангина бажариб бўлмайди. Сен бошқалардан кўра уқувли, билимли, бардошли ва сезгир бўлмоғинг лозим. Кишиларнинг кўнглидан нелар ўтаётганини гапирмасларидан аввалроқ билишинг, дўст билан душманни, хушомад билан самимийликни ҳамма ерда фаҳмламоғинг лозим. Эҳтимол сен яқин кунлар ичида ўлкамизнинг ҳукмрони бўларсан. Ҳукмрон бўлиш эса ўта масъулият, ўта нозик ва хавфли вазифа. Ана шулар ҳақида ўйлаб кўрганмисан?
– Бу масалалар хусусида чуқур бир билимга эга эмасман.
– Бухоро Амирлигига тобе эканлигимизни яхши биласан. Амир бизларни гўё ўгай фарзандидек кўради. Юртимизни қўрқувда ушлаб туриш учун мутаассиб руҳонийлар, риёкор хушомадгўйлардан усталик билан фойдаланади. Жаҳолат ва илмсизликнинг авж олиши учун айни муддаодир. Шундай гўзал ўлка, шундай истеъдодли миллат ривожланмаётганининг сабаби шунда. Минг уруғи теварак-атрофдаги музофотлар ичида энг улкан, энг аҳил эл. Шу сабабдан мустақил бир салтанат тузиш йўлидаги энг улкан, энг қийин вазифа бизнинг зиммамизда бўлади. Бу йўлдаги тўсиқларнинг барчасини биз ҳали билмаймиз, лекин бир нарса равшан. Халқ амирнинг зулмидан, бизларнинг камситилишимиздан тўйган, учқун чиқса бас, у алангага айланади. Амир бизга бўлган ҳукмронликни хожалар қўли билан бажаришига сабаб шуки, юртимиздан олинаётган даромаднинг бир қисмига уларни шерик қилиб қўйган. Чумолидек увол бўлган бу кишилар бизларга ҳукмрон бўлганликларидан қувониб амирга садоқат билан хизмат қиладилар. Биз бу дастгоҳни яқин ўртада синдириб ташлаймиз, янгисини тузиш эса бениҳоя қийин ва хатарли. Умид қиладиган жойимиз шуки, халқнинг хоҳиши биз томонда халқ жуда қудратли мўъжиза.
***
Чодак атрофи тоғлар билан ўралган. Чодаксой бўйида жойлашган бир неча кичик-кичик қишлоқлардан иборат. Аҳолиси сийрак бўлиб, тирикчилик учун зарур бўлган неъматлар етиштириш чекланган. Асосан наъматак ва ҳар хил гиёҳлар тайёрлаш, ўрик ва ёнғоқ мевалари етиштириш билан шуғулланишар, деҳқончилик учун яроқли ерлар кам бўлганлиги учун кўпчилик чорвачилик билан шуғулланар эди. Табиат инъомларининг чекланганлиги, ҳунармандчиликнинг йўқлиги сабаб бу ерларда катта мулк эгалари ҳам йўқ. Турмуш тарзи жуда одми, аҳолиси ўзбек ва тожиклардан иборат бўлиб, тинч ва осойишта ҳаёт кечиришар, шўх оқар ягона сойнинг шовқинини ҳисобга олинмаса, доим сокинлик ҳукм сурарди. Ҳавоси тоза, табиати гўзал бу масканнинг одамлари жуда ювош, соддадил бўлиб ҳукмронлик қилиш учун ҳеч қандай қудратга эга эмасдилар. Ўзларини улуғ зотлар авлодидан деб билгувчи хожалар Бухоро Амирининг қўғирчоғи эдилар холос. Кимнингдир ташаббуси билан барпо қилинган бошқарувнинг бу усули жуда заиф, ҳеч қандай кучга таянмаган бўлиб, бу заифликни минг уруғининг сардори Шомастбий бошқаларга нисбатан яққолроқ кўра олган ва анчадан буён уни синдириб ташлаш тараддудига пинҳона киришган эди. Унинг мўлжалидаги кун яқинлашиб қолгани аниқ. Бирор анжуман ниқобида бошлаш энг қулай усул бўлади.
***
– Чомочвой ишлар қалай, чарчаб қолмаяпсизми?
– Худога минг қатла шукур.
– Мен сизни муҳим бир масала юзасидан чақиртирган эдим.
– Бизга жуда кўп қурол-аслаҳалар керак.
– Кечалари ишлаш эвазига тайёрлаб беришимиз мумкин.
– Нега фақат кечалари ишлаш ҳисобига?
– Кундуз кунлари Амирнинг сарбозларига аслаҳа ясаймиз, шу боис…
– Тушунарли, бугундан бошлаб барча ясаган қуролларни фақат бизга топширасиз, тайёрлаб қўйганларингизни ҳам.