Добавить в цитаты Настройки чтения

Страница 2 из 7



Бошқарув ахбороти маъносининг бузилиши мумкинлиги қоидаси.Бу қоиданинг маъноси шундан иборат-ки, бошқарув ахбороти –– м-н: қарорлар, фармонлар, инструкциялар, кўрсатмалар, ўз ҳаракати жараёнида маъносини ўзгартириш камчилигига эга ва унинг ҳаракати иерархик зина бўйлаб амалга ошишини ҳисобга олиш керак, яъни у қанча кўп «қўлдан ўтса» маъноси шунча ўзгаради. Сўзлар ўрин алмашиши, улар турлича тушунилиши натижасида кераксиз ёки аҳамиятсиз деб ҳисобланиб тушириб қолдирилиши, турлича талқинлар иловаси каби ўзгартиришлар натижасида ҳар қандай ахборот ўзгариши турган гап. Бу ҳолатлар қуйидаги сабабларга кўра пайдо бўлади:

Бошқарув ахбороти турли маъноларга эга бўлган сўзлар ёки жумлалар ёрдамида берилади, шу сабабдан уни турли тоифа одамлари турлича тушунадилар.

Бошқарув ахборотини қабул қилиб уни етказувчи одамлар турли маълумотли, турли интелектуал ривожланган, физиологик ёки психологик ҳолатлари турлича бўлган одамлардир.

Кўпгина ҳолларда раҳбарнинг сўзларни нотўғри, ўринсиз ва эътиборсиз ишлатилиши туфайли.

Бошқарув информацион жараён эканлигини унутмаслик керак, чунки бу жараён бошқа жараёнларнинг калити ҳисобланади.

Ўзини сақлаш қоидаси.Ҳа, айнан ўзини сақлаш қоидаси, афсус-ки, раҳбарларимиз ичида шундайлари учраб туради-ки, фикрини айтишга ҳаракат қилган ходимларининг(бу ходим ҳам бошқарув аппаратидан бўлиши мумкин) гапларини ҳатто охиригача эшитмасдан туриб бу ходимнинг фикрини(бу фикр тўғри эканлигини билса ҳам) бошқалар ҳали англаб етмасларидан турли «асос»-лар келтириб чиппакка чиқариб ташлашади. Бу ҳолатни кўрган бошқа ҳозиргина фикр билдирувчига қўшилиб турган ходимлар бир зумда иккинчи томонга ўтиб олишади. Тўғри-да, раҳбар билан тортишиш кимга керак? Фикр билдирган бечора эса иккинчи ҳеч бир мажлис ёки йиғилишда фикр билдирмасликка ўз-ўзига ваъда беради, тўғри-да кулги бўлиш кимга керак? Бошқалар ҳам бу ҳолатни кўргач шу йўлни тутишади, натижада йиғилиш, мажлис ёки айтайлик маслаҳат учун чақирилган одамлар бу мажлис, йиғилиш ёки маслаҳатда фақат раҳбарнинг гапларига қулоқ солишади ҳолос; раҳбар эса гўё-ки ўзи билан ўзи маслаҳат қилади, ўзи билан ўзи савол-жавоб қилиб бир тўхтамга келади ва буни бошқалар оддийгина қўл кўтариш билан тасдиқлашади ва ...корхонада ҳеч ким тушунмаган, ҳеч ким кутмаган қандайдир бир ҳолат, қандайдир кераксиз ва ортиқча ишлар бошланиб кетади. Бу ўринда агар раҳбар оқилу доно бўлса яхши, у тўғри тўхтамга ёки хулосага келади ва корхонадаги бажарилаётган ҳеч бир амал бекор ёки ортиқча бўлмайди, лекин қайси оқилу доно раҳбар фикр билдираётган ходимининг оғзига уради? Қайси ақлли раҳбар фақат маники тўғри дейди? Корхона ёки ташкилотда соғлом психологик муҳит хукм суриши учун, айнан мана шу ўзини сақлаш қоидасига риоя қиладиган ақлли ва ташаббускор ходимлар бўлмаслиги керак, мажлисларда бесавод ва ўз ишини билмайдиганлар ўзини сақласин! Шундагина корхона корхона бўлади.

Раҳбарнинг муваффақияти унинг қобилиятларига бевосита боғлиқлиги қоидаси.Ҳар қандай касбдаги, ҳар қандай тармоқдаги муваффақият шу касб эгасининг қобилиятига боғлиқ бўлганидек раҳбарлик «касб»-идаги муваффақият ҳам шу вазифа эгасининг қобилияти ва малакасига боғлиқ, раҳбарнинг одамлар билан ишлай олиш даражасининг баландлигига боғлиқдир. Яхши раҳбар яхши натижаларга эришади, ёмони эса яхши шароитни ҳам ёмонлаштиради.

Ҳар қандай тоифадаги раҳбар қуйидаги бошланғич, ва айтиш мумкин-ки, асосий бўлган талабларга жавоб бериши ва санаб ўтиладиган сифатларга эга бўлиши ҳозирги замон талабидир.

СИЁСИЙ ЕТУКЛИК ТАЛАБИ.

Раҳбар ўз фаолиятининг сиёсий маъносини, бошқа жамият ишларидаги сиёсий маъноларни англай олиши ва ўз жамоасига тушунтира билиши; ўзи бошчилигида чиқарилаётган қарор ва фармонларнинг сиёсий оқибатларини олдиндан кўра билиши; қўл остидагиларнинг сиёсатга зид бўлган ҳатти-ҳаракатларига нисбатан принципиал бўлиши; давлат иқтисодий сиёсатининг мақсад ва вазифаларини тўғри тушуна олиши; корхона иқтисодиётидаги сиёсий йўлбошловчи бўла олиши; Ҳукумат ва касаба иттифоқи қўяётган масалаларни юқори бошқарув даражасида ҳал қила олиши ва улар билан биргаликда ишлай олиши керак.

ДАВЛАТ УСТИВОРЛИГИ ПРИНЦИПИ.

Ҳар қандай раҳбар ҳар доим ва ҳамма нарсада ўзининг ва ўз жамоасининг манфаатларини давлат ва жамият манфаатлари билан мувофиқлаштириши ва ҳимоя қила олиши; давлат ва жамият манфаатларининг устиворлигини таъминлай олиши керак. Раҳбарнинг бу сифати иқтисодий ва ижтимоий билимларни чуқур билишни, ўз корхонасининг жамиятдаги ўрнини ва иқтисодий-ижтимоий масалаларни ҳал қилишдаги ўрнини аниқ ва равшан кўра билишни ва тушунишни; иш планларини бажариш жараёнидаги пайдо бўладиган зиддиятларни минимал даражага тушира олишни ва ҳар қандай шу каби зиддиятларни ҳал қила олишни талаб қилади.



Раҳбарнинг бу сифати хўжалик ишларини ташкил қилиш жараёнидаги шахсий манфаатларидан давлат манфаатларини юқори қўйилишининг кафолати бўлиб хизмат қилади.

ИЖТИМОИЙ ИШБИЛАРМОНЛИК.

Бу сифат раҳбарни меҳнатсеварлик ва ўз қобилиятларини рационал амалга ошира олиш нуқтаи назаридан характерлайди. Раҳбарнинг ижтимоий ишбилармонлиги умумижтимоий билимларинигина ривожлантириб қолмай, балки касбий маҳорат ва кўникмаларни ҳам ривожлантиришни, иш бошқаришда ишнинг мақсадлари, натижалари ва ишнинг манфаатларидан бўлак нарсаларни улардан юқори қўймасликни талаб қилади. Ижтимоий ишбилармонлик шахсий жавобгарликка, меҳнат қоидалари ва синовдан ўтган сифатли жараёнлардан маҳорат билан фойдалана олишга асосланади. Ишбилармонликнинг асосий кўрсаткичларидан бири бу раҳбарнинг ҳар қандай масалани тушуна олиши, ўзи ва қўл остидагиларининг шу масалани ҳал қилишдаги вазифаларини тақсимлай олишидир. Ишбилармон раҳбар қўйилган мақсад сари олиб борадиган барча амалларни аниқлай олиши ва уларнинг кетма-кетлигини тўғри туза олиши керак. Энг зарур ҳусусиятлардан бири бу раҳбарнинг ишлаб чиқариш жараёнига турли давларда баҳо бера олишидир. Раҳбарнинг ишбилармонлик даражасини унинг ўз вақти-нинг қадрига етиш ва уни тежаш даражаси яққол баҳолайди.

ИЖТИМОИЙ ТАДБИРКОРЛИК.

Раҳбарнинг бу сифати унинг меҳнатдаги, жамиятдаги ва сиёсатдаги фаоллигини, топқирлигини, амалкорлигини, ижодкор-лигини, кашфиётчилигини ва тезкорлигини кўрсатади. Бу сифат жамиятнинг барча жабҳаларида керак бўлиб, катта аҳамиятга эга. Тадбиркорликнинг энг муҳим белгилари бу янги масалаларни қўйишдаги ташаббускорлик, олдиндан ҳар қандай ташаббуснинг иқтисодий натижаларини аниқлай олишдир.

Ташаббускор раҳбар ҳеч қачон керакли шароитнинг яратилиб берилишини кутмайди, у ўзи бу шароитни яратишда фаол қатнашади. Ташаббускор раҳбар ўзи учун реал масалаларни қўя олади ва уларни ҳал қила олади.

Бошқача қилиб айтганда, раҳбарнинг интеллектуал-психологик қобилиятлари нохуш шароитлардан чиқиб кетиш ва уларнинг салбий таъсирини камайтиришга етадиган даражада ривожланган бўлиши керак. Ташаббускорликнинг ривожланишига доимий малака ошириш ва шу йўналишдаги билимларни доимо жамлаб бориш, новаторлик ғояларини қўллаб бориш ва уларни ҳуқуқий таъминлай олиш замин бўлади.

Тадбиркор раҳбар ички яширин резервларни топиб улардан фойдалана олади, юқори сифатли яхши натижа берадиган тадбирларни минимал ҳаражатлар воситасида ўтказа олади.

ХИЗМАТ ЭТИКАСИ.

Этика бу хулқ-атвор нормалари ва ўзини тутиш қоидалари ҳақидаги илм бўлиб, унда келтирилган норма ва қоидалар жамият фикри ва урфу одатларига асосланади ва ҳар қандай тоифадаги раҳбар ва умуман ҳар қандай инсон, улардан чиқмаслиги керак.

Хизмат этикаси этиканинг ажралмас асосий бир қисми бўлиб, у одамларнинг хизмат юзасидан ва бошқарувни ташкил қилиш жараёнида пайдо бўладиган ўзаро муносабатларини ифодалайди. Хизмат этикаси раҳбардан ҳаққонийликни талаб қилади. Раҳбар ходимининг қобилиятларини ва хулқ-атворини ҳаққоний баҳолаши, ҳаммага бир хилда муносабатда бўлиши, ишда ҳаммага бирдай принципиал бўлиши, яъни тартиб ҳаммага бир хил эканлигини билиши керак ва шундагина у хизмат этикасига риоя қилган бўлади.