Добавить в цитаты Настройки чтения

Страница 2 из 10



Вақт ўтиши билан кимларнидир манфаатига мослаб тарихни ўзгартириб ёзиш каби бузғунчиликлар учраб туради. Бундай мудҳиш хатолик кўпинча юртимизнинг гўзал кишилари қиёфасини бузади, аксинча қайсидир бадбашара кимсани улуғлаб юборади. Мен ана шундай ноқисликдан эҳтиёт бўлиб қалам тебратдим.

ФАРҒОНА ВОДИЙСИ

Тоғлар орасида жойлашган водий. Тянь-шань, Ҳисор, Олой тоғ тизмалари билан ўралган. Водий Ўрта Осиёдаги аҳолиси энг зич жойлашган ўлка. Андижон, Наманган, Ўш, Жалолобод, Марғилон водийнинг энг қадимий шаҳарларидан ҳисобланади. Ғарбда ва Шимолий Ғарбда Қўқон, Хўжанд, Конибодом, Ўратепа (Истрафшон) шаҳарлари жойлашган. Жаннатмакон бу ўлканинг табиати ранг-баранг, ерлари серҳосил, оқар сойлар ва боғу роғлардан ташкил топган. Аҳолиси ҳам табиатига монанд хилма-хил бўлиб, ўзбеклар, қирғизлар, тожиклардан иборат. Бундан ташқари неча хил элатлар ва миллатлар ёнма-ён, қўни-қўшни бўлиб яшаб келганлар. Қўқон шаҳри атрофи бир неча йирик қишлоқ ва туманлар билан ўралган бўлиб, бу ерда илм-фан, маърифат, ҳунармандчилик яхши ривожланган эди. Водий Бухоро Амирлигига расман тобе бўлса-да, ўлпон тўлашдан бошқа масалаларда мустақил ва эркин бўлиб, аҳолининг савияси, маданияти, жанговорлиги бошқа ўлкалардан юқори эди. Водийда оқар сувлар (Норин, Қорадарё, Сўх, Исфара, Шоҳимардонсой, Ғовасой, Чодаксой) кўп. Айниқса ер ости сувлари янада сероб. Водийнинг эрксевар, жасур одамлари учун Бухоро Амирлигига бўлган тобелик ёқмас, йирик шаҳарлар тобеликдан юз ўгириб мустақил иш юритишлари натижасида зиддиятлар келиб чиқар, гоҳо исён чиқиб катта хунрезликларни келтириб чиқарар эди. Қўқон шаҳарлар ичида ўзининг кўпгина хусусиятлари билан ажралиб туради. Фарғона водийсининг ғарбий қисмида Сўх дарёсининг қуйи оқимида жойлашган. Этимологияси ҳақида турли фикрлар мавжуд. Кўпгина манбаларда «Ҳавоканд» яъни «гўзал», «ёқимли» ёки шамол шаҳри маъносида учрайди. Қадимги Қўқон Ҳиндистон ва Хитой карвон йўлида жойлашган бўлиб, муғуллар истилоси даврида вайрон қилинган. XIV-асрга келиб Қўқон янгидан қаддини тиклади. Гўзал шаҳарлар қаторидан жой олиб ўзининг илгариги мавқеини тиклаб олди.

ШОҲРУҲХОН (БИРИНЧИ ХОН)

Ҳукмрон энг аввало ўз миллатининг энг меҳрибон кишиси бўлиши билан бирга уларнинг шифокори, ўзидан воз кечган фидоийси бўлиши лозим.

Айтишларича, жангда мағлуб бўлиб чекиниб келаётган Бобур ва жангчилари Қўқон шари чеккасидан ўтаётиб сой бўйида андак дам оладилар, жўнашларидан аввал, зарли либосларга ўралиб олтин бешикка бойланган бир болани ташлаб кетадилар. Бу воқеадан ўша мавзеда истиқомат қилувчи «Чанкат», «Сарой» ва «Тарғова» гуруҳи вакиллари огоҳ бўладилар. Ул уч тоифа халқ болани эъзоз-икром билан олиб ўз жойларига қайтибдилар. Қуръа ташлаш йўли билан болани «тарғова» жамоаси, жавоҳирлар ва олтин бешикни «сарой» ва «чанкат» жамоалари бўлишиб олибдилар. Боланинг номини Олтин бешик қўйибдилар. Олтин бешикнинг шажараси қуйидагидан иборат. Султон Элик, унинг ўғли Худоёр, унинг ўғли Муҳаммад Амин, унинг ўғли Абулқосим, унниг ўғли Шоҳмастбий ва ниҳоят Шоҳмастбийдан Шоҳруҳбий дунёга келади.

Шоҳмастбийни баъзи манбаларда Аширбек деб ҳам атайдилар. 1709 санада Минг қабиласи билан Чодак хўжалари ўртасида бўлиб ўтган қақшатқич уруш натижасида Минглар қабиласи ғолиб чиқди. «Кўк тўнли»лар истиқомат қилувчи ерда қалъа қурилиб, «Хўқанд хонлиги»нинг дорилхалофатига айланди.

Олтин бешикдан икки юз йил ўтиб дунёга келган Шоҳруҳбий ниҳоятда хушрўй, қобилиятли ва жасур йигит бўлиб ўсади. Шикор пайтида найза билан бир йўлбарсни ярадор қилиб барчани қойил қолдиради. Ўша даврларда Қўқонни (Хўқанд) Чодак «хожа»лари бошқариб турардилар. Ўзбек жамоалари биргаликда маслаҳатлашиб Шоҳруҳхонни хон қилиб кўтарибдилар. Бу воқеани вақтинча махфий тутишиб хийла ишлатибдилар. Хушрўй бир қизни Чодак ҳокимига турмушга чиқаришиб, тўй қилибдилар, тўйга ташриф буюрган барча «чодак хожалари»ни сўйиб ўлдирибдилар ва лашкар тортиб Чодакни забт қилибдилар. Бу ишлар амалга ошгандан сўнг Шоҳруҳхонни Қўқоннинг хони қилиб кўтарибдилар. Икки сойнинг ўртасига яъни «Кўк тўнли азизлар» мавзеига хонлик қароргоҳини қурибдилар. Бу воқеа 1709 йил (милодий) 1121 хижрий йилда содир бўлган. Шоҳруҳбий ўн икки йил хонлик қилиб 1721 йилда вафот қилган. Ундан уч ўғил таваллуд топган: Абдураҳимбек, Абдулкаримбек, Шодибекдир.

«Тарихи Шоҳруҳ» асарида Қўқоннинг биринчи хони Шоҳруҳхоннинг ўлими билан боғлиқ бир воқеа эътиборни жалб қилади:

Шоҳруҳхон наманганлик Мулла Бозор Охунднинг муридларидан бирини ўз хизматида ишлатиб юрар эди. Мулла Бозор Охунд Қўқонга келиб Шоҳруҳхондан ул муридини озод қилишини илтимос қилади, хон илтимосни рад қилади. Шайх хондан хафа бўлиб, бир муридининг уйига бориб, деворга Шоҳруҳхон тасвирини тушириб, суратни ўқ-ёй билан отади. Ўша куни хоннинг қўлига яра чиқиб вафот қилган эмиш. Бу воқеа 1721 йили содир бўлган.

* * *

Шомастбийнинг обрў-эътибори жуда юқори бўлиб, давлатманд киши эди. Унинг тасарруфида серҳосил ерлар, боғу роғлар бўлиши билан бирга йилқи ва эчкилар, зотли сигирлар ва арабий отлари ҳам бор эди. Унинг хонадонида ҳар доим меҳмондорчилик ва зиёфат тинмас, теварак-атрофдаги энг хос кишиларнинг қадами аримас, ёшу кексалар уни ҳурмат қилиш билан бирга хон авлодидан деб эъзозлашар эди. Олтинбешикхонни вояга еткурган бу оила, минглар уруғининг (ўзбекия) энг нуфузли хонадони ҳисобланар, барча уруғ, ҳатто бошқа уруғлар ҳам уларга ҳавас қилиб ҳурмат билан қарар эдилар. Уларнинг насллари аксарият эркаклар бўлиб, бошқа нуфузли оилалардан келин олишар, бири-биридан гўзал, паҳлавон йигитлар улғайиб етишар, улар мавқеи жиҳатидан ҳам йирик хонадон бўлиб, теварак-атрофларда бир-бирини қўллайдиган хешу ақраболар беҳисоб, иқтисодий ва жисмоний бақувват бу хонадон билан рақобатлашадиган куч яқин атрофда топилмас эди.

Тарғова, Чанкат қишлоқлари тўқайзорлар билан туташиб кетган, тўқай ичи парранда-ю даррандаларга бой, қуён-тулкилар югуришиб юришар, қирғовуллар патирлашиб учишар, онда-сонда бўри ва қоплон каби йиртқичлар ҳам учраб турар, ҳатто ёввойи тўнғиз ва йўлбарслар ҳам бор эди.

Шомастбийнинг энг севимли машғулотларидан бири овга чиқиш бўлиб, тўнғич ўғли Шоҳруҳбий доимий ҳамроҳи эди.

– Шоҳруҳ, мен билан овга чиқасанми? – деди Шомастбий ўғлига меҳр билан тикилиб.

– Албатта дадажон, ов қилишни жуда хуш кўраман, – деди Шоҳруҳ қувончи ичига сиғмай. – Қачон борамиз?

– Эртага тонг чоғи.



Овнинг жуда гаштли бўлишига ишонган ота-бола бир неча машҳур овчилар қуршовида тўқайзорга кириб келишди.

– Қулоғингда бўлсин ўғлим, овчи жасур бўлиш билан бирга жуда зийрак ва сезгир бўлмоғи лозим. Ҳеч қандай ҳолатда шошилиб қолмагин, чаққонлик билан шошқалоқлик бошқа-бошқа хусусиятлардир.

– Буни эсимдан чиқармайман, ота.

– Яхши, ҳар доим гапимга қалбинг билан қулоқ соласан, бу хусусиятинг улуғлик аломати. Сени келажакда катта ишлар кутмоқда.

– Ишончингиз учун раҳмат.

– Жуда ҳам ичкарилаб кетманглар, йўлбарслар ҳам борлигини эсдан чиқарма.

– Мен йўлбарс билан бир неча бор тўқнаш келганман.

– Йўлбарс йиртқичлар ичида жуда мард ҳисобланади, у одамларга бесабаб ҳужум қилмайди, лекин ёввойи тўнғиз ўта хавфли маҳлуқ, орқа-олдига қарамай ҳужум қилади, унча-мунча зарба билан нобуд ҳам қилиб бўлмайди.

– Ота бизга рухсат берасизми?

– Майли ўғлим борақол, Шомансур доим ёнингда бўлсин.

– Сизлар қайси томонга борасизлар?

– Биз чапга, сизлар ўнгга. Раҳимқул шу ерда қолиб тушлик тайёрлайди. Учрашув жойимиз ҳам шу ерда бўлади.

– Мен сизга қирғовул олиб келаман.

– Худо омадларингни берсин, овларинг бароридан келсин.

Шоҳруҳбий дўсти Шомансур билан тўқай ичкарисига от солдириб кетдилар. Тўқайнинг ҳайвонот олами ранг-баранг бўлиб, жуда ҳам бой эди. Баҳайбат дарахтлар орасидан ёввойи қуёнлар югуриб чиқишар, ҳар хил қушлар париллаб чиқиб ўзларини панага олардилар. Аҳён-аҳёнда ҳуркович жайронлар ҳам учраб, қуюндек югуришиб бир лаҳзада кўздан ғойиб бўлардилар. Қувончини ичига сиғдиролмаган Шоҳруҳбий отилиб чиққан жайроннинг кетидан от солди, ўлжасининг орқасидан қувишга берилиб кетиб, анчагина ичкарилаб кетди. Йўрғанинг чопқирлиги жайроннинг абжирлигига бас келолмас, терлаб-пишиб югуришда давом этарди. От сесканиб кетди, пишқириққа ўхшаган товушдан илкис тўхтади.