Страница 3 из 17
Демак, бошлаймизми?
1-ҚОИДА. ЎЗ САБАБЛАРИНИ АНИҚЛАБ ОЛИШ
Авваламбор сенда сабаб бўлиши керак. Ҳаракат учун сабаб. Мана нима учун…
Сабаб – бу важ, барча кейинги қадамларинг боиси
Агар сабаб бўлмаса, у ҳолда ҳеч нарса бўлмайди. Агар менда сенга ёрдамлашиш учун сабаб бўлмаганда эди, бу китоб ҳам дунёга келмасди. Агар сенда муваффақиятли бўлиш учун сабаб бўлмаганда эди, сен бу китобни ўқимаган бўлар эдинг. Бинобарин, сабаб – бу биринчи қадам. У сенда бўлиши лозим.
Сабаб – бу яширин сир
У кўринмайди, уни ушлаб кўролмайсан, уни ўлчай олмайсан. У автомобилнинг ички ёнув двигателидаги учқун каби заифгина. Кичкина учқунни ва автомобиль қувватини солиштириб кўр. Фарқи катта, тўғрими? Аммо ўша учқунсиз машина жилмайди. На йўл боса оласан, на манзилингга ета оласан…
Сабаб – бу сени ичдан чулғаб олувчи нарса …
Сабабият ичдан чиқиб келиши керак. Сен ўзинг нимадир қилишни исташинг муҳим. Сабаб – бу биз важ, мақсад, манфаат остида кўзда тутадиган нарса…
Агар у бўлмаса, у ҳолда бунга фақат иккита жавоб бор: ёки қувват йўқ, ёки ўзинг истамаган иш билан билан шуғулланяпсан.
Агар мақсадга етишни истасанг, у ҳолда сен мақсадни туғдирган барча сабабларни аниқлашинг лозим. Бу барча сабабларни қоғозга ёзиб қўйиш жуда муҳим: агар мақсадга эришиш учун жиддий важлар бўлмаса, унга узоқ вақт боғланиб қолишингга шубҳа бор.
Бу мавзунинг иккинчи қисми ҳам мавжуд, бу ўз-ўзини рағбатлантириш. У ҳақида “Ўз-ўзингни рағбатлантириш санъатини” бобида кейинроқ гаплашамиз.
2-ҚОИДА. ЎЗ ШАВҚИ ТОМОН ЮРИШ
Сенга истак олови етишмаяпти
Ҳоҳиш ва мақсадларнинг ўзи етарли эмас. Сенда ментал ва руҳий қувватнинг етарли миқдори бўлиши лозим. Нима учун кўплаб кишилар ҳаётда омадсиз эканликларининг сабаби шуки, улар ўз амбицияларига эришиш учун етарлича ИСТАК ОЛОВИГА эга эмаслар.
Ёндирувчи истак – орзуйинг парвози учун старт майдончаси. Орзу ҳеч қачон лоқайдлик, эринчоқлик ва ланжликдан дунёга келмайди. Наполеон Хилл.
Муваффақият қозониш учун истагинг қанчалар кучли? Сен ҳар кеча у билан ухлаб, ҳар тонг у билан руҳланган ҳолда бирга уйғонасанми?
Ишқивозлик кучи
Ишқивозлик бу қувват. Сени тўлқинлантирадиган нарсага диққат қаратишдан ўзингга келадиган кучни ҳис эт. Ишқивозлик ўзинг севган нарсани қилаётганда келади. Ишқивозликни ҳис этсанг, тунни тун демай ишлай оласан. Ишқивозлик – бу сенга муваффақият учун зарур бўлган ёнилғи.
Ҳар бир инсон юрагида ўз истагидаги нарсани олишга ёрдам берадиган куч яширин. У сен интилган ўша нуқтага етиб бормагунингча тинчлик бермайди. Ҳамма нарсанинг битта шарт билан иложи бор: интилаётган нарсани рости билан исташ.
Заиф истаклар заиф натижалар олиб келади. Кичкина олов камроқ иссиқлик бергани сингари.
Бутун қалбинг билан қил
Ҳаётда нима билан шуғулланмагин, уни бутун қалбинг билан қилишинг зарур. Нимаики қилсанг, унга ўзингни бутунлай бахш эт ёки умуман қилмай қўя қол. Ҳаётда муваффақият қозониш учун сендан ўзинг қодир бўлган энг яхши нарсаларни беришинг талаб этилади, ўшанда сен афсусларсиз яшайсан.
Муваффақият тез ва самарали келади деб ўзингни ахмоқ қилма. Сен қаттиқ янглишасан. Сен қандай соҳада бўлмасин муваффақият қозонишинг учун ишга ошиқишинг лозим. Дўстларинг базмларда яйраётган пайтда сен ишлашинг лозим. Ҳа, бу оғир. Аммо бу каби мақсадга йўналтирилганлик пировардида ўзини оқлайди. Бизнесда бўлиш осон эмас. Бу оғир, харажатларни талаб этадиган йўл. Аммо сен энг яхшилардан бири бўлишга қодирсан.
Йўлларни телбалар очиб беришади, улар бўйлаб эса ақллилар ўтишади. Ф.М.Достоевский
Ғайрат бахш этувчи ва бир пайтнинг ўзида сени эҳтиросга тўлдирадиган нарсани топ
Ўша нарсанинг устида ишласанг ҳаётингда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган нарсалар юз беради. Ғайратга эга бўлиш учун аниқ бир вазифага бор ишқивозлик ва қунт-матонат билан эътиборингни қарат.
Ўз ишқивозлигингни топ ва уни рўёбга чиқариш учун ҳаётингни бахшида эт, бунга қанча вақт кетиши муҳим эмас.
Дунёда ялқовлик – мавжуд эмас!
Инсонда ёқтирмайдиган иш бўлиши мумкин, қувват етишмаслиги мумкин, юз очаётган истиқболлардан юракни ҳапқиратадиган кенг кўламли тасаввур йўқлиги бўлиши мумкин. Аммо ялқовлик бўлмайди!
Зўр нарсалар яхши нарсалардан уни қилаётган одамнинг ўзини унутиш қобилияти билан ажралиб туради
Ижодкор бирор нарсани ўртамиёна қилаётган одамдан жараёнга бутун борлиғини бахш этиши, ишни ўзидан устун қўйиши билан фарқ қилади. У бу ишни танлов йўқлиги ёки бурч ҳисси билан эмас, балки онгли ва муҳаббат билан бажаради.
Масалан, қайсидир маркетолог ўз соҳасида ҳақиқий мусиқачи бўлиши мумкин, бошқа бир мусиқачи эса шунчаки мусиқа билан шуғулланувчи одам бўлиб қолади.
Ўз эҳтиросларингга амал қил
Муваффақиятли кишилар ҳар бир ишга ўзларини бахш этишади – улар ўз компанияларини шунчаки бошқаришмайди, балки ишидан ҳузурланиб шуғулланишади. Улар ўз вақтларини бағишлаётган нарсадан қувват олишади. Бу каби кишиларнинг жўшқин истаги ва муваффақиятга бўлган чанқоқлигини енгиб бўлмайди: мақсадлар белгиланган, ўйланган нарсага эга бўлиш истаги – мустаҳкам.
Сен орзуйингдаги нарса билан нафас олишинг, ҳар сония унга интилишинг, мақсадга ҳам, бу йўлдаги саёҳатга ҳам эҳтирос билан берилишинг лозим.
Сен омадга бир лаҳза ҳам шубҳаланмаслигинг зарур.
Инсон шундай яралганки, бирор нарса унинг қалбини ром этган заҳоти, ҳамма нарсага илож топади. Ж. Лафонтен
Бу дунёдаги энг катта банкротлик – ўз ҳаётий иштиёқини йўқотган одам. Метью Арнолд
Бутун ҳаёти мазмунига айланган ишга ўзни бахш этишга тайёрлик ва ғалаба томон интилиш ҳақида гапирганда иккита вариантдан бирини танлаш мумкин, холос: ёки сен бунга тайёрсан, ёки йўқ. Сен қўлингдан келган барча ишни қиласан ёки кетасан. “Яримта” деган тушунча йўқ. Пэт Райли
Баъзи бировлар учун футбол – бу ҳаёт ва мамот масаласи. Мен бундай муносабатдан жуда хафаман. Сизни ишонтириб айтаманки, у бундан ҳам жуда-жуда муҳимроқ. Билл Шенкли
3-
ҚОИДА.
ЎЗИГА ИШОНИШ
Қўрқув
Қўрқув – муваффақият қозонишга йўл бермайдиган биринчи нарса. У ҳар қандай (номаълумликдан, мағлубиятдан ёки қийинчиликлардан қўрқув) бўлиши мумкин, аммо унинг роли аниқ ва равшан – у халақит бериш учун хизмат қилади. Қўрқув мақсад томон илгарилашда тормоз ролини ўйнаши, шунингдек бешигида бўғиладиган ташаббуслар бузувчиси ҳам бўлиб келиши мумкин. Қўрқув инсонни иштиёқсиз ва ўзига ишончи йўқ, заиф ва иродасиз мавжудотга айлантириб қўяди.
Нима қилиш керак? Курашиш! Ўз фикрлаш тарзингни ўзгартиришга ҳаракат қилиб кўр. Ҳаракатларинг сен қандай ўйлаётганингга боғлиқ. Фикрларингни ўзгартириб, сен ўз қарашларингни ўзгартирасан ва бошқача ҳаракат қила бошлайсан. Ўз муваффақиятингга ишон, кучингга ишонч кўзи билан қара ва мақсадингга албатта эришасан.
Ўзингга ишон!
Ҳар сафар нима истаётганингни ёки нимага ишонишингни белгилаётганингда, сен буни эшитадиган биринчи одамсан. Бу сенга ва бошқаларга ҳақиқатан ҳам нималарга эришишинг мумкинлиги тўғрисида мурожаат. Ўзингга ўзинг чекловлар яратма.
Одамлар ўз имкониятларига муносиб баҳо бермасдан, ўзларини доиралар ичига тиқиб қўйишади. Таваккал қилишдан қўрқма, ўз қулайлигинг чегарасидан чиқ, шунда имкониятларинг чексиз эканлигини кўрасан.